19. Автомагистралларда ҳаракатланиш

121. Автомагистралларда қуйидагилар тақиқланади:

  • пиёдалар, уй ҳайвонлари, от-аравалар, велосипедлар, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, скутерлар, мопедлар, тракторлар ва ўзиюрар ускуналар, техник тавсифномасига ёки ҳолатига кўра тезлиги соатига 40 километрдан кам бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши;
  • юк автомобилларига йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланиши;
  • 5.15 ёки 6.11 йўл белгилари билан белгиланган махсус тўхтаб туриш майдончаларидан бошқа жойларда тўхташ;
  • ажратувчи бўлакнинг технологик узилиш жойларига кириш ва уларда қайрилиб олиш;
  • орқага ҳаракатланиш;
  • транспорт воситасини ўрганиш учун бошқариш.

122. Ҳайдовчи қатнов қисмида мажбурий тўхтаганда, транспорт воситасини ушбу Қоидаларнинг 8-боби талабларига мувофиқ белгилаши ва бундай ҳолатлар учун мўлжалланган тасмага (қатнов қисмининг четини билдирувчи чизиқдан ўнгроқда) олиб чиқишнинг барча чораларини кўриши керак.